Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида 6 июнь, душанбага ўтар кечаси амалга оширилган аксилтеррорчилик операцияси давомида беш нафар экстремист йўқ қилинди, яна икки нафари қўлга олинди. Бу ҳақда, Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Тунги тезкор-қидирув тадбирлари давомида полиция ходимларига қаршилик кўрсатган яна беш нафар жиноятчи йўқ қилинди ва икки нафари қўлга олинди», — дейилади хабарда.
Пресс-релизга кўра, жиноятчилардан ўғирланган қуролларнинг катта қисми мусодара қилинган.
«Босқинчилик ҳужумини амалга оширишга алоқадор барча жиноятчиларнинг шахси аниқланди. Уларни қидириш ва қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни номаълум шахслар Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида жойлашган бир қанча қурол дўконларини талон қилиб, шундан сўнг полиция билан тўқнаш келганлиги ҳақида маълум қилинган эди.