«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар – 2016» мавзуида ижтимоий сўров ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Сенат Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан шу кунларда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан ўтказилган сўровда мамлакатнинг барча ҳудудлари қамраб олинди.
Сўров якунларидан маълум бўлишича, аҳолининг аксарияти — 91,6 фоизи айни пайтда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтаётганидан хабардор.
Маҳалла турли соҳаларда иш олиб бораётганини, бу борада маҳалла фаоллари изчил ишларни амалга ошираётганини сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи қайд этди.
Аҳоли бўлиб ўтаётган сайловларга алоҳида эътибор билан қараб, фуқаролар йиғини раисига муносиб номзод сайланишидан манфаатдор эканини билдирди. Маҳалла раислигига кимларнинг номзоди кўрсатилгани, уларнинг дастурида нималар кўзда тутилганини билишга қизиқиш бу галги сайловда сезиларли даражада кучайгани маълум бўлди: деярли 80 фоиз аҳоли сайлов кампаниясида иштирок этиш ниятида эканини билдирди.
Ижтимоий сўров натижалари яна шуни кўрсатдики, бўлиб ўтаётган сайловларда аёллар фаол иштирок этиши билан бирга, улар фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиси лавозимига сайланмоқда.