Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган модда ва буюмларни мусодара қилиш тартиби, сақлаш, ишлатиш ёки йўқ қилиш муддатлари тасдиқланди, деб ёзади Norma.
Қўл юкини, юкни текшириш вақтида аниқланган, ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган модда ва буюмлар акт тузмасдан, қайтариб бериладиган/берилмайдиган тартибда мусодара қилинади ва ҳаво кемаси бортига қўйилмайди.
Эркин савдода бўлган, бироқ ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган восита ва буюмлар (газли баллон, ёнғин жиҳатидан хавфли лак, бўёқ ва бошқалар) йўловчини кузатаётган шахсларга топширилади ёки акт бўйича сақлаш учун берилади.
Агар ушбу буюмлар икки ой ичида ўз эгаси ёки уларнинг топшириғи билан бошқа шахслар томонидан талаб қилиб олинмаса, улар акт бўйича МХХ хўжалик хизматларига техник мақсадларда ишлатиш учун берилади ёки белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Текшириш вақтида тайёрлаш, олиб юриш, сақлаш учун жиноий ёки маъмурий жазо белгиланган модда ва буюмлар (портловчи моддалар, портловчи қурилмалар, ўточар қурол, наркотик, заҳарли моддалар) аниқланса, йўловчи рейсдан материаллар билан бирга четлаштирилади ҳамда МХХ ёки ИИВ органларига уни жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун топширилади.