Европа Иттифоқи Кенгаши Сурия ҳукуматига нисбатан санкциявий режимни 2017 йилнинг 1 июнига қадар қўллайди. Бу ҳақда Кенгашнинг 27 май, жума куни эълон қилинган пресс-релизида маълум қилинган, деб хабар беради «Интерфакс».
«Бу қарор Сурия аҳолисига қарши репрессиялар давом этар экан, ЕИ ушбу режим ва унинг тарафдорларига нисбатан санкцияларни жорий этиш ва ижро этишда давом этишини тасдиқлаган Кенгашнинг 2014 йил декабридаги қарорига мувофиқдир», — дейилади ҳужжатда.
Пресс-релизда аниқлик киритилишича, ЕИ чоралари қаторидан нефть маҳсулотларига нисбатан тақиқ, Сурия билан боғлиқ инвестицияларни чеклаш, ЕИдаги Сурия марказий банки ҳисобларини музлатиб қўйиш, Сурияда репрессия учун ёки телефон ва интернет-траффикни кузатиш ва тутиб қолиш учун қўлланилиши мумкин бўлган технология экспортини чеклаш кабилар жой олган.
Бундан ташқари, ЕИ расмиийлари 200 дан ортиқ жисмоний шахс ва 70 та ташкилотнинг ЕИ мамлакатларига киришига нисбатан тақиқни сақлаб қолади ва уларнинг ҳисобларини музлатилган ҳолда қолдиради.
Изоҳ (0)