Москвада Mercedes Gelandewagen машинасида пойга уюштирган «Лукойл» компанияси вице-президентининг ўғли Руслан Шамсуаровга нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба маълум қилган, дея хабар беради «РБК».
«Руслан Шамсуаровга нисбатан ‘Безорилик’ моддаси бўйича жиноий иш очилган. Айни пайтда у қидирилмоқда», — дея таъкидлаган мазкур манба. Россия ИИВ Москва бошқармаси матбуот котиби Софья Хотинага кўра эса, «жиноий иш фақат ҳайдовчига очилган, иккинчи шахсга нисбатан қарор қабул қилинмаган».
Москва бўйлаб уюштирилган пойга ҳақидаги иш автомобиль кабинасида олинган ёзув интернетга жойлангач жамоатчилик ўртасида овоза бўлиб кетди. Gelandewagen машинасида бўлган бир гуруҳ йигитлар ва қиз полиция ходимлари кўз ўнгида йўл ҳаракати қоидаларини намойишкорона бузган, сўнг юқори тезликда улардан яширинишга ҳаракат қилганди. Шу билан бирга ҳуқуқбузарлар бўлиб ўтаётган ҳодисани Periscope интернет-ресурси орқали трансляция қилиб борган.
Изоҳ (0)