Қозоғистон ички ишлар вазири Қалмуханбет Қосимов журналистлар ҳуқуқларига қатъий риоя этиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу ҳақда, ИИВ давлат тили ва ахборот департаменти директори Алмас Садубаевга асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
У 21 май куни полицияга ноқонуний акцияларнинг иштирокчилари етказилганини маълум қилди.
«Улар билан биргаликда ОАВ вакиллари ҳам қўлга олинди. Бир муддатдан сўнг улар қўйиб юборилди. Қозоғистон ИИВ томонидан қонунбузарликнинг олдини олишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди, профессионал вазифасини бажараётган журналистларнинг ҳуқуқларига қатъиян риоя этиш бўйича кўрсатмалар тайёрланиб, ички ишлар департаментига йўлланди», — деди у 27 май куни «Казинформ» билан суҳбатда.
Шу билан бирга, Садубаев журналист оммавий тадбирга ким сифатида боришини олдиндан аниқлаб олиши лозимлигини таъкидлаб ўтди, негаки журналистнинг ва тадбир иштирокчисининг ҳуқуқлари ўзаро фарқланади. Жумладан, журналист барча тадбирлар, шу жумладан, рухсат этилмаган намойишларни ёритиши мумкин, аммо бундай акцияларда иштирок этиш жазога тортилади.
Изоҳ (0)