Япониянинг Хиросима шаҳрига атом бомбаси ташланганида жабрланган кореяликларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи бир гуруҳ Жанубий Корея фаоллари 26 май, пайшанба куни АҚШ президенти Барак Обамага расман мурожаат қилиб, уни 1945 йил августдаги фожиа учун узр сўрашга чақирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Корейслар Япониянинг атом портлашидан жабр кўрган кўп сонли аҳоли гуруҳларидан бири бўлган эди. Кўплаб ватандошларимиз ушбу мамлакатда мажбурий меҳнатга жалб қилинган бўлиб, уларни ҳозир эслашмайди. Обама бу борада самимий пушаймонлик билдириши лозим», — дейилади баёнотда.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида содир бўлган ушбу фожиа Обаманинг Хиросимага ташриф буюриши кутилаётган бир пайтда яна тилларга тушди. Илгарироқ Обама Хиросима ва Нагасаки учун узр сўраш нияти йўқлигини билдириб ўтган эди. Бунга жавобан Хиросима маъмурияти Япония бош вазири Синдзо Абэдан Обаманинг хибакусялар — атом бомбаларидан омон қолиб, радиацион хасталиклар азобида яшаб келаётган инсонлар билан учрашувини ташкиллаштиришда ёрдам сўради.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги эълон қилган маълумотлардан Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташланганида Корея Япония мустамлакаси бўлган пайтда мажбурий меҳнат учун бу ерга олиб келинган 40 мингдан ортиқ корейс ҳалок бўлгани, 30 минг нафари радиацион нурланишдан азият чеккани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)