Тошкентда Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А. Носиров журналистларга 23–24 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик жараёни, йиғилиш кун тартиби, муҳокама этиладиган масалалар ҳақида маълумот берди, деб ёзмоқда ЎзА.
Айтилишича, мажлисда ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари томонидан шу йил июнь ойида Тошкентда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг кун тартиби лойиҳаси, саммитда имзоланиши режалаштирилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилади.
Ташкилот доирасини кенгайтиришда ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мўлжалланмоқда. Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш бўйича ушбу давлатларнинг ваколатли вакиллари билан олиб борилаётган музокара жараёни кўриб чиқилади.
Мажлисда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ШҲТнинг бошқа халқаро тузилмалар билан алоқаларини кенгайтириш, ШҲТнинг кузатувчи давлатлари ва мулоқот бўйича шерикларини ташкилот доирасида амалий ҳамкорликка кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.
Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти олдида турган вазифалар, ШҲТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, маданий ва иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)