Анқара прокурори Греция Олий судига мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари офицерини жавобгарликка жалб этиш юзасидан ёрдам кўрсатишни сўраб мактуб юборди. Бу ҳақда, 17 май, сешанба куни Афина ахборот агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Турк томони грек офицери 1996 йилда халқаро ҳаво ҳудудида ракета ёрдамида Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётини уриб туширганлигини таъкидламоқда.
Турк прокурорининг хатида F-16 экипажи командири Наил Эрдўғоннинг оиласи ва қирувчи самолётнинг ҳалокатга учраши давомида яраланган иккинчи учувчи Осман Цицикли товон пули тариқасида 1 миллион евро талаб этаётганлиги маълум қилинган.
Грек учувчиси, шунингдек, Туркиянинг давлат хавфсизлиги, яхлитлиги, бирлиги ва мустақиллигининг ҳимояси ҳақидаги қонунини бузишда айбланмоқда.
Афина агентлигининг қайд этишича, 1996 йилнинг 8 октябрида «Никифорос» Греция—Кипр ўқув машғулотларига қарши норозилик белгиси сифатида Туркиянинг тўртта F-4 бомбардимончи самолёти иккита F-16 қирувчи самолёти ҳамроҳлигида Хиос ва Самос ороллари ўртасидаги грек ҳаво ҳудудини кесиб ўтган. Уларни тутиш учун иккита «Мираж 2000» грек ҳарбий самолёти ҳавога кўтарилган. Турк самолётлари билан яқинлашгандан кейин греклар ҳеч қандай ракета чиқармасдан, нишонни таниб олиш ва тутишга киришган. Четга чиқиш учун кескин ҳаракат қилган турк қирувчи самолётларидан бири бошқарувни йўқотиб, денгизга қулаган.
Қирувчи самолётнинг бўлаклари ва биринчи учувчининг жасади топилмаган. Шу билан бирга, иккинчи учувчи Греция ҳаво жавобгарлиги ҳудудидаги денгиздан топилган. У греклар томонидан Туркиянинг Измир шаҳридаги аэродромга юборилган.
Изоҳ (0)