Ўзбекистон давлат консерваториясида дамли ва зарбли чолғу асбоблари ижрочилиги бўйича «Санъат ғунчалари» халқаро танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА ахборот берди.
Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли танловда Ўзбекистон ва қатор мамлакатлардан зарбли ва дамли чолғу асбоблари ижрочилиги йўлида изланаётган 160 дан ортиқ ёш истеъдод қатнашди.
Танловда иштирокчилар флейта, гобой, кларнет, фагот, саксофон, труба, валторна, тромбон, туба каби дамли ва зарбли чолғу асбобларида миллий ва жаҳон классик мусиқаларидан композицияларни ижро этди.
Танлов доирасида иштирокчилар Самарқанд шаҳрида бўлиб, меъморий обидалар ва тарихий ёдгорликларни кўздан кечирди. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида яратилган шароитлар, мусиқа таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.
Танлов якунида барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланди. Ёш истеъдод соҳиблари иштирокида концерт намойиш этилди.
Изоҳ (0)