Хитойда саратонга чалиниб оламдан ўтган 21 ёшли талаба иши юзасидан 12 киши жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда, China Daily нашрига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Талаба Вэй Цзэси синовиал саркома ташхиси билан Қуролли полиция корпуси ҳузуридаги Иккинчи Пекин госпиталида даволаниш курсидан ўтди. Даволаниш методи ва шифохона ҳақида у Хитойдаги энг йирик Baidu қидирув тизими воситасида маълумот олган эди. Курс учун унинг оиласи 30 минг доллар сарф-харажат қилди. Шунга қарамай, 2016 йилнинг 12 апрелида талаба ҳаёт билан видолашди.
Кибермайдон масалалари бўйича бошқарма, Савдо-саноат маъмурияти бош бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш ва режали фарзанд кўриш давлат қўмитаси воқеани биргаликда тафтиш қилди. Бунинг натижасида госпиталь ходимлари чалғитувчи рекламани чоп этганлиги ва даволаш чоғида жиноий бепарволикка йўл қўйгани маълум бўлди. Тиббий муассасанинг икки раҳбари лавозимидан озод этилди, яна олти нафари маъмурий жаримага тортилди. Бундан ташқари, шифохона ишига масъул икки олий мартабали ҳарбий хизматчи огоҳлантириш олди. Шифохона билан ҳамкорлик қилган яна икки ҳарбий амалдор жиноий фаолият юритганликда гумон қилиниб ҳуқуқ-тартибот органларига топширилди.
Айни пайтда госпиталь янги беморларни қабул қилишни тўхтатди. Бу ерда саратондан даволанган ва даволанаётганларнинг оилалари муассаса расмийларидан тушунтиришлар ҳамда товон пули талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)