Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодликка ягона даъвогар бўлиб қолган Дональд Трампнинг сайловолди штаби президентлик кампаниясига камида 1 миллиард доллар жалб этишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда миллиардернинг ўзи NBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Биз 1 миллиард доллар ёки ундан кўпроқ маблағ тўплашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун Республикачилар миллий қўмитаси билан ҳамкорликда ишлашга тўғри келади», — дея таъкидлаган Трамп.
Унинг айтишича, бу маблағ демократлар орасида президентлик лавозими учун пойгада етакчилик қилаётган Ҳиллари Клинтон устидан ғалаба қозонишда зарур бўлади. Шу билан бирга, Трамп демократлар номзодларининг сайлов кампанияси эҳтиёжлари учун камида 2 миллиард доллар йиғиши мумкинлигини тахмин қилди.