Озарбайжон Арманистон парламентидаги мухолифат депутатларининг ҳукуматга Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни таклиф этганини провокация сифатида баҳолайди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти маъмурияти ташқи алоқалар бўлими мудири Наврўз Мамедов маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Бу Арманистон раҳбариятининг навбатдаги провокацияси. Уни апрель бошларидаги провокациянинг давоми сифатида баҳолаш мумкин. Арман томони яна бир бор улар учун халқаро ҳуқуқ, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари, шунингдек, музокаралар жараёни ҳеч нарсани англатмаслигини кўрсатмоқда», — дея таъкидлаган Мамедов.
Маълумотларга кўра, Арманистон мухолифати мамлакат ҳукуматига 5 май, пайшанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Тоғли Қорабоғ республикаси мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни таклиф этган.
Изоҳ (0)