АҚШ президенти Барак Обама Америка қандай қилиб жаҳон савдосида ўз қоидаларини ўтказиши лозимлигини маълум қилди. Бу ҳақда, президентнинг The Washington Post газетасида чоп этилган мақоласига таяниб, «Интерфакс» хабар беради.
Мақола жаҳон иқтисодиётининг 40 фоизини ифодаловчи 12 та давлатни ўз ичига олган Транс-Тинч океани ҳамкорлиги ташкилотини ривожлантиришга бағишланган.
Обама ташкилот фаолияти доирасида Америка маҳсулотлари учун 18 мингдан ортиқ солиқ ва йиғимни бекор қилишга эришилганлигини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, Америка хусусий компаниялари ташкилот таркибидаги мамлакатларга уларда ишлаб чиқарилаётгандан кўпроқ маҳсулот экспорт қилади.
Ўз навбатида, Америка хусусий компанияларининг устунлик қилиши Хитой каби мамлакатларнинг давлат корпорацияларига қарши туришига ёрдам беради.
«Дунё ўзгарди. У билан бирга қоидалар ҳам ўзгарди. Уларни эса Хитой каби давлатлар эмас, АҚШ ёзиши лозим», — деб ёзди Обама.
Маълумот учун, Транс-Тинч океани ҳамкорлиги ташкилотига Австралия, Бруней, Канада, Чили, Япония, Малайзия, Мексика, Янги Зеландия, Перу, Сингапур, АҚШ ва Вьетнам киради.
Изоҳ (0)