Режиссёр Рустам Саъдиев «Барон 2» фильми ҳақида Instagram’даги саҳифасида эълон қилган фикрлари шов-шувларга сабаб бўлди. Режиссёр фильмнинг сценарийсини тайёрлаш устида иш олиб борилаётгани, биринчи фильмда бош қаҳрамон ролини ижро этган россиялик актёр Фарҳод Маҳмудов билан съёмка муддатлари келишиб олингани ҳақида хабар қолдирган.
Янги фильмни тайёрлаш ишлари ҳақида маълумот олиш мақсадида журналист Феруз Муҳаммад режиссёр билан боғланди.
— Фильмни суратга олиш ишларига тайёргарлик қандай кетяпти?— «Барон 2» фильмининг ғояси шаклланган, ҳозирда фильмнинг бош консултантлари билан мазкур ғояни янада мукаммаллаштириш устида ишлаяпмиз. Насиб қилса, кузнинг бошида тасвирга олиш ишларини бошлаш ниятидамиз.
— «Барон» билан «Барон 2»нинг актёрлар жамоаси таркибида ўзгаришлар қанчалик катта бўлади?— Ҳозир айтишим мумкин бўлгани — фильмда ўзгаришлар кўп бўлади.
— Демак, «Барон»да ўйнаган актёрларнинг аксарияти «Барон 2» лойиҳасида қатнашмаслиги мумкин, шундайми?— Қайсидир актёрлар янги бўлади. Бу ҳақда фильм сценарийси тайёр ҳолга келганидан сўнг якуний қарор чиқарамиз. Айтиб ўтишим керакки, «Барон»нинг ҳам актёрлар жамоаси ҳақидаги батафсил маълумот премьерага қадар сир тутилган.
— «Барон»да Голливуд ва Россия киноактёрлари суратга тушган эди. «Барон 2» фильмида ҳам шундай меҳмонлар бўладими?— Албатта, бу ҳам режага киритилган.
Изоҳ (0)