Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигаси ярим финали доирасидаги «Манчестер Сити» — «Реал» ўйини олдидан мадридликлар устози Зинедин Зидан ўз фикрларини билдириб ўтди, деб ёзди УЕФА расмий сайти.
«Биз энг яхши формага кириб олдик. Ўзимизнинг энг яхши футболимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Рақиб дарвозасига гол уриб, ўз дарвозамиз даҳлсизлигини сақлаб қолиш учун ўйнаймиз. Имкониятларни 50 га 50 деб, баҳолаган бўлардим. Бу шундай ўйинки, унга қанча тайёргарлик кўрма, майдонда ҳамма нарса бутунлай бошқача тус олиши мумкин. Муҳими, ўйинга 150 фоиз куч билан киришиш», — деб таъкидлади Зидан.
«Реал» устози рақиб «Манчестер Сити» ҳақида илиқ фикр билдирди: — «Бизга аъло даражадаги жамоа рақиблик қилади. Агар сен ‘Сити’ футболчиларига бўш зоналар қолдирсанг, клуб сени жазолайди. ‘Шаҳарликлар’ чизиқлар орасидаги боғлиқлик сабаб бизга муаммолар келтириб чиқаришга ҳаракат қилади. Футболчиларим тўпсиз ўйнашда уюшқоқ бўлишлари ҳамда қунт билан ҳимояланишлари керак. Тўпни эгаллаб олганимиз ҳамоноқ ҳужумга ўтишга ҳаракат қиламиз», — деб Зиданнинг сўзларидан иқтибос келтирган УЕФА расмий сайти.
Изоҳ (0)