Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Олий Лигада иштирок этаётган 14 та клубнинг бош мураббийлари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
ЖЧ–2018 саралаш босқичининг сўнгги босқичи олдидан ҳамкасблари билан давра суҳбатини ташкил қилган Бабаян Олий Лига клубларидаги мураббийларнинг ёрдамисиз миллий терма жамоа муваффақиятга эриша олмаслигини таъкидлади.
«Иккинчи саралаш босқичи олдидан учрашган эдик. Ўшанда терма жамоалар штаби мураббийларнинг фикрини айтган эди. Терма жамоа атрофида бирлашганимиз натижасида Ўзбекистон гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Бу муваффақиятда мураббийларнинг, ишқибозларнинг ва ОАВ вакилларининг ўрни беқиёсдир», – деди Самвел Бабаян.
Самвел Бабаян Олий Лига клублари мураббийларига миллий терма жамоанинг кейинги режалари ҳақида гапириб, номзод футболчиларни қўллаб-қувватлашда улардан ёрдам сўради.
Миллий терма жамоа бош мураббийи учрашувда терма жамоага номзод бўлган футболчилар ҳақида мураббийларнинг фикрини ҳам тинглади.
Таъкидлаш керакки, ЖЧ–2018 саралашининг учинчи босқичига йўл олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу босқич учрашувларига тайёргарлик кўриш мақсадида 1–7 июнь кунлари Австрияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади. Ушбу йиғин доирасида Канада терма жамоасига қарши назорат учрашуви ўтказиш борасида келишувга эришилган. Ўйин 7 июнь куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияда бўладиган Жаҳон чемпионати саралашининг якуний босқичи ўйинларини 2016 йилнинг 1 сентябрь куни Тошкентда, Сурияга қарши ўйин билан бошлайди.
Изоҳ (0)