Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ҳамкорлигида жойларда Тошкент зилзиласининг (1966 йил 26 апрель) 50 йиллигига бағишлаб бир қатор амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ана шундай тадбирлардан бири Фуқаро муҳофазаси институтида 22 апрель куни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар Академиясининг сейсмология институти, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва бошқа бир қатор вазирлик ва идоралар мутахассислари соҳа йўналиши бўйича маърузалар қилди. Иштирокчилар маърузалар давомида зилзилаларнинг келиб чиқиш сабаби, уларни башоратлаш, Ўзбекистонда сейсмология соҳасини ривожланиши, фавқулодда вазиятларнинг профилактикасига оид бир қатор маълумотлар олди.
Шунингдек, иштирокчилар зилзилалар тарихи музейи, кўргазмалар зали ва энг асосийси зилзилани симуляция қилиш ускунаси билан яқиндан танишди. Зилзилани симуляция қилиш ускунаси 9 баллгача бўлган зилзилани содир қилиш имкониятига эга бўлиб, иштирокчилар унинг тебраниш кучларини ўзлари синаб кўрди.
Изоҳ (0)