Донорлик амалиёти замонавий тиббиётда муҳим аҳамият касб этади. Ахир кўнгиллиларнинг қони минглаб одамларнинг ҳаётини асраб қолишга хизмат қилади. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермайди. Донорликни бекорга вақт кетказиш деб ҳисоблайдиган инсонларни қон топшириш пунктига боришга нима ундаши мумкин? Швециянинг бу борадаги тажрибаси диққатга сазовор. Бу ҳақда AdMe маълумот келтирди.
Ўтган йили Швецияда тегишли соҳа мутасаддилари одамларни қон топширишга ундайдиган ажойиб усул топилганини маълум қилган эди. Унга кўра, одам клиникадан чиқиши ҳамон унинг телефонига миннатдорчилик изҳор этилган хабар келади. Иккинчи хабар эса унинг қони ёрдамида кимнингдир ҳаёти сақлаб қолинганида юборилади.
«Биз тескари алоқа ўрнатиб, донорларга саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдиришга қарор қилдик. Биз кўнгиллиларимиз қайтиб келишини истаймиз», — деб изоҳ берди бунга Стокгольм қон хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежери Каролина Блом Виберг.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда одамларнинг қон топширгани ва бу билан кимнидир қутқариб қолгани ҳақида маълумот чоп этилса, бу унинг дўстлари орасида муҳокамаларга ва эътирофга сабаб бўлади, деб ҳисобламоқда соҳа мутахассислари.
Изоҳ (0)