Англиялик журналистлар Премьер-лиганинг турнир жадвалини яқиндан ўрганиб, қайси ҳолатда тўртинчи ўринни олган жамоа кейинги мавсумнинг Европа Чемпионлар Лигасига йўлланма олмаслигини ҳисоблаб чиқди, деб хабар беради «Sports.ru».
Агар «Манчестер Сити» Англия чемпионатида қолган ўйинларда муваффақиятсиз иштирок этиб, тўртинчи ўриндан пастроқда жойлашса, аммо ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритса, шунингдек, АПЛда тўртинчи поғонага кўтарилиш учун имконияти камроқ бўлган «Ливерпуль» Европа Лигасида ғалаба қозонса, тўртинчи ўрин соҳиби ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлмайди.
УЕФА қоидаларига мувофиқ, Европа Чемпионлар Лигасида бир мамлакат чемпионатидан 5 тадан ортиқ жамоа иштирок эта олмайди. Юқоридаги шартлар бажарилган тақдирда, Англия чемпионатида 1–3-ўрин соҳиблари ҳамда «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» клублари ЕЧЛга йўлланма олади. Бу ҳолатда турнир жадвалини тўртинчи поғонада (бу ўринга «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Вест Ҳэм» даъвогарлик қилиши мумкин) якунлаган жамоа Европа Лигасида иштирок этади.
Агар «Манчестер Юнайтед» Англия Кубоги ғолибига айланса, тўғридан-тўғри Европа Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини кўлга киритади. Бу ҳолда АПЛда мавсумни 8-ўринда якунлаган жамоа Европа Лигасида иштирок этиши мумкин бўлади.
Англия чемпионатида шунга ўхшаш ҳолат аввал ҳам юз берган. 2011/12 йилги мавсумни тўртинчи ўринда якунлаган «Тоттенҳэм», ўша мавсумни 6-поғонада тугатган, лекин ЕЧЛ ғолиби бўлган «Челси» туфайли ЕЧЛга йўлланма олмаган эди. 2012/13 йилги мавсумда УЕФА клублар ўртасидаги Европанинг энг нуфузли турнирида бир мамлакатдан 4 тадан ортиқ жамоанинг иштирок этишига йўл қўймаган.
Изоҳ (0)