Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ўтган фестивалнинг очилиш маросимида турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар вакиллари, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар, рассомлар, ҳунармандлар, ёшлар, Ўзбекистондаги элчихоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалида ўзбек халқининг бой мероси, соҳадаги замонавий тенденция ва ютуқлар намойиш этилади. Ёш мўйқалам соҳибларининг ижоди атрофлича таҳлил этилиб, уларга зарур кўмак ва маслаҳатлар берилади.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ташқи ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган. Кўргазмалар Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейи, Халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейида ўтказилади. Уларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, рассомлик ва дизайн коллежлари, Бадиий академия тизимидаги таълим масканлари ўқитувчилари ва уларнинг шогирдлари ижоди билан танишиш мумкин. Фестиваль тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам бўлиб ўтади.
«Энг яхши ўқув муассасаси», «Энг яхши мураббий», «Энг яхши тасвирий санъат йўналиши», «Энг яхши кўргазма» сингари ижодий танловлар бадиий таълимни ривожлантириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилади. Моҳир мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, уста-ҳунармандлар иштирокидаги маҳорат сабоқлари талаба-ёшларнинг тасвирий санъатга оид билимларини бойитади. Кўргазмаларда ёшларнинг икки мингга яқин бадиий, амалий санъат бўйича ижод намунаси намойиш этилади.
Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг илк кунида Соғлом она ва бола йилига бағишланган кўргазма тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги санъат ўқув муассасалари ўқитувчиларининг асарлари намойиш этилди. Марказий кўргазмалар залининг бир қисмида Ўзбекистондаги элчихоналар кўмагида бир қатор хорижий давлатларнинг рассомлари ижодига оид кўргазмалар уюштирилди.
Изоҳ (0)