БМТнинг Марказий Африка Республикасидаги тинчликпарвар миссияси (MINUSCA) вакили бўлган марокашлик аскар 17 апрель куни мамлакат жануби-шарқидаги Рафай шаҳри яқинида жангарилар уюштирган ҳужум чоғида ҳалок бўлди. Бу ҳақда, БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, «Худонинг мудофаа армияси» гуруҳи томонидан Агумар қишлоғига уюштирилган ҳужумга жавоб тариқасида тинчликпарвар кучлар патрули Рафайга йўлланган. Отряд таркибида бўлган Марокаш вакили номаълум шахс томонидан отиб кетилиб, бир муддат ўтиб олинган жароҳатлар боис ҳаётдан кўз юмган.
БМТ бош котиби Пан Ги Мун ҳалок бўлган аскарнинг оила аъзоларига ва Марокаш ҳукуматига таъзия изҳор этиб, мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишга интилаётган инсонларга ҳужум уюштирилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. У яқинда сайланган ҳукуматни жиноятчиларга жазо тайинлашга чақирди.
БМТнинг МАРдаги кўп ихтисосли комплекс миссияси (MINUSCA) 2014 йилнинг апрелида Хавфсизлик Кенгашининг 2149-резолюциясига биноан таъсис этилган ва ўша йилнинг сентябрида иш бошлаган. Унинг таркибига 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи киради. Охирги ойларда миссия таркибидаги Франция контингенти вакилларига қарши вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилиш билан боғлиқ ўнлаб айбловлар илгари сурилди.
Изоҳ (0)