Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ томонидан олий таълим муассасалари талабалари ҳамда ўрта махсус таълим ўқувчилари ўртасида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича эсселар танлови ўтказилади. Бу ҳақда вазирнинг алоҳида буйруғи қабул қилинди, дейилади «Дарё»га тақдим этилган хабарномада.
Танлов мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш, ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг энг янги тарих бўйича илмий-ижодий изланишларини янада ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилганлиги айтилмоқда.
Танлов шартлари Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказнинг веб-саҳифасида жойлаштирилди. Эсселар 10 октябрга қадар Марказнинг электрон почта манзилида (tmarkaz@umail.uz) қабул қилинади.
Танловда биринчи ўринни эгаллаган қатнашчи биринчи даражали диплом ва энг кам иш ҳақининг 12 баравари миқдоридаги пул мукофоти, иккинчи ўринни эгаллаган қатнашчи иккинчи даражали диплом ва энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдоридаги пул мукофоти, учинчи ўринни эгаллаган қатнашчи учинчи даражали диплом ва энг кам иш ҳақининг 8 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Танлов ғолибларини тақдирлаш тадбири 8 декабрга қадар ўтказилади.
Изоҳ (0)