Португалиялик мураббий Жозе Моуриньо Сурия футбол федерациясининг мамлакат терма жамоасини бошқариш таклифини рад этди, деб хабар беради «ТАСС».
Ўтган ҳафта Сурия футбол федерацияси «Челси»нинг собиқ устози Жозе Моуриньога Сурия терма жамоасини бошқаришни таклиф қилган эди.
«Бундай таклифни қабул қилиш мен учун шараф, аммо ҳозир уни қабул қила олмайман», – деб электрон хат орқали Сурия футбол федерациясининг таклифига жавоб қайтарди Моуриньо.
2015 йилнинг 6 январидан Сурия терма жамоасини бошқариб келган бош мураббий Фажр Иброҳим жорий йилнинг 29 март куни истеъфо берганди.
2015 йилнинг декабрь ойида «Челси» бош мураббийлигидан озод этилган Жозе Моуриньо, бир ярим ой давом этган музокаралардан сўнг «Манчестер Юнайтед» билан дастлабки келишувга эришгани ва у уч йилда 61,7 миллион евро маош олиши ҳақида хабар берилган эди.
Жозе Моуриньо икки маротаба «Челси» бош мураббийи лавозимини эгаллаган. Биринчи марта 53 ёшли мутахассис 2004–2007 йиллар давомида Лондон клубини бошқарган. Ушбу вақт давомида «Челси» икки карра Англия чемпиони (2004/05, 2005/06), Англия Кубоги (2007), икки карра Англия Лига Кубоги (2005, 2007) ва Англия Суперкубоги (2005) соҳиби бўлди. Шундан сўнг Моуриньо «Интер» (2008–2010 йиллар) ва «Реал» (2010–2013 йиллар) клубларини бошқарган.
2013/14 йилги мавсум бошланишидан аввал португалиялик яна «Челси»га қайтди. Унинг қўли остида лондонликлар Англия чемпиони (2014/15) ва Англия Лига Кубоги ғолиби бўлди.
Маълумот учун, Сурия терма жамоаси Осиё қитъасидан ЖЧ–2018 мусобақасига саралаш баҳсларининг учинчи босқичига йўл олди.
Изоҳ (0)