Америкалик сержант Омар Велес панамалик Ванеса Родригесни ўлдирганлиги учун 30 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Панама ТИВ маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Ушбу қарор АҚШдаги Форт Брэгг (Шимолий Каролина) базасида бўлиб ўтган суд жараёни якунлари бўйича эълон қилинган. Ҳарбий трибунал, шунингдек, уни АҚШ ҳарбий хизматчиси сифатидаги барча имтиёзларидан маҳрум қилди ва аскарни армия сафидан шармандалик билан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилди.
25 ёшли қиз 2014 йилнинг 22 июнь куни Лос-Сантос провинцияси ҳудудида Велес томонидан автомобиль билан уриб кетилгандан кейин ҳалок бўлган эди. Сержант содир этилган жиноят ҳақида полицияга хабар қилмаган ва Родригеснинг жасадини воқеа жойидан олиб кетган. Бир кундан сўнг, Велес қизнинг жасадини яширин тарзда Гуараре дарёси соҳилига кўмишга уринганда полиция томонидан қўлга олинган.
Трибунал аъзолари бу оддий ЙТҲ бўлганлиги ҳақидаги тахминни рад этди. Чунки Велес Панамада инструктор сифатида хизмат қилган ва маълум муддат давомида Родригес билан ишқий муносабатларда бўлган.
Изоҳ (0)