Жорий йилнинг 24—25 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясига икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўн еттинчи Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Москва шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Россия делегациясига Ҳукумат раиси ўринбосари Д.Козак бошчилик қилди.
Йиғилиш кун тартибига биноан, Ўзбекистон Республикасига 2014 йил декабрь ойида амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, икки томонлама товар айланмаси ҳажмини янада ошириш бўйича таклифлар, транспорт ва транзит соҳаларида ўзаро ҳамкорлик, Марказий Осиё минтақаларида сув-энергетика соҳаларида келишилган сиёсат юритиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Комиссия йиғилиши натижаларига кўра эришилган келишувлар қайд этилган Протокол имзоланди.
Томонлар навбатдаги ўн саккизинчи Комиссия йиғилишини 2017 йил Ўзбекистон Республикасида ўтказишга келишиб олди.
Изоҳ (0)