Кўпгина инсонлар, ҳар бир мусиқачида ноталар бор экан, уларга дирижёрдан нима наф тегиши мумкинлигини тушунмайди. Шу масалани ойдинлаштириш мақсадида Meduza россиялик журналист ва санъатшунос Алексей Муниповга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
Оркестрларда дирижёр қачон пайдо бўлди?
Мусиқачиларнинг жамоа бўлиб куй ижро этиши қадимдан маълум бўлган анъанадир. Албатта, бундай оркестрларнинг расмий ва норасмий етакчилари бўлган. Қадимги Миср барелефларида қўлида таёқ тутиб мусиқачиларни бошқараётган одамларнинг тасвирлари учрайди. Қадимги Юнонистонда эса хор раҳбарлари — корифейлар темир товонли шиппаклар ёрдамида мусиқага маром бериб турган. Оркестрлар кенгайган сари (Ўрта асрларда ва Уйғониш даврида улар ҳали капелла деб аталган), оркестр ижроси амалиёти қийинлашган сари бошқарувчи шахсга бўлган зарурат ошиб бораверди — у маром бериб туриб, барча тартиб билан ўз вақтида ижрога киришишини назорат қилар эди. Илгари бу иш «баттута» деб аталган салмоқли асо ёрдамида амалга оширилган, уни ерга уриб, маром бериб турилган — бу жараён акс этган энг эски тасвирлар XV асрга оид. Бу иш анча оғир ва хавфли эди — буюк француз бастакори Жан-Батист Люлли (1632–1687) мана шундай асо учи билан оёғини жароҳатлаб олиб, қорасон туфайли оламдан ўтган.Капеллалар билан ўз мусиқасини ижро этган бастакорлар биринчи дирижёрлар бўлди. Улар оёқ билан ер тепиши ёки, Бах сингари, қўлидаги қоғоз ўрамини силкитиши мумкин эди. Баъзан бу функцияни клавесинистлар ёки скрипкачилар бажарар, улар камонча ёрдамида ишора бериб турар эди. Дирижёрлар бир нечта бўлиши ҳам мумкин эди — операда хормейстер қўшиқчиларни, концертмейстер оркестрни бошқарарди. Дирижёр мусиқачи бўлиб, у ҳам ё соз чалар, ё куйларди. Концертмейстерлар биринчи скрипка партиясини ижро этиб, бошқа мусиқачиларга кўзлари билан ёки бош силкитиб ишора берар, баъзан ижрони тўхтатиб, камонча билан маром бериб турар эди.
Дирижёр таёқчаси қандай пайдо бўлди?
Тасодифан. Моҳиятан таёқча камонча ва ноталар ёзилган қоғознинг муқобили эди. Дирижёрлар таёқчани XIX аср бошидан қўллай бошлади ва, тавсифларга кўра, бу таёқлар бошида анча залворли бўлган. Айнан XIX аср дирижёрликнинг алоҳида касбга айланиш даври бўлди — улар оркестрлардан ажралиб чиқиб, махсус кўтармага чиқиб, ўша пайт учун энг ғалатиси, мухлисларга тескари туриб ишлайдиган бўлди. Бу ишни қилган биринчи одам ё Гектор Берлиоз, ё Рихард Вагнер бўлган — қайси бири аввалроқ экани маълум эмас. XIX асрнинг ўта мураккаблашиб кетган ва иштирокчилари сони юзлаб ижрочидан иборат бўлган симфоник оркестрларига махсус бошқарувчи шахс зарур эди — у ҳам мусиқа чалиш, ҳам бошқариш ишини бирваракайига бажара олмас эди. Дирижёр шахси, шубҳасиз, романтик анъана маҳсули эди — қўлининг бир ҳаракати билан мусиқа массаси ва тингловчилар ҳиссиётларини бошқара оладиган якка даҳо образи унга жо бўлди.Яъни, дирижёр биринчи навбатда тўғри ритм бериб туриш учун керакми?
Камида ижрони маромга солиш, ким қачон қўшилишини кўрсатиб туриш — бу жуда муҳим. Албатта, мусиқачилар буни ўзлари ҳам кузатиб туриши, тактларни санаши ва ҳамкасбларини эшитиши мумкин, аммо бу осон эмас, катта симфоник оркестрларда мусиқачилар барча партияларни эшита олмайди. Аммо дирижёрнинг вазифалари бу билан чекланмайди: у ижронинг барча параметрларига, барчаси ягона темп ва кайфиятга эга бўлишига жавоб беради. Талқин учун ҳам у масъул — ахир битта асарни турлича ижро этиш мумкин. Тезликни ўзгартириш, урғуларни бошқача бериш, қисмларнинг кайфиятларини ҳар хил талқин қилиш, партияларга ҳар хил эътибор қаратиш мумкин. Репетицияларда дирижёр шу билан шуғулланади — мусиқачилар билан партитурани синчиклаб ўрганиб чиқади, асарнинг янграши ва умумий мазмунидан қониқмагунига қадар.Ижро анъанаси узилиб қолганида бу янада муҳимроқ аҳамият касб этади — ХVII ва XVIII асрнинг буюк бастакорлари яратган асарлар узоқ вақт ижро этилмаган, улар ўша вақтларда қандай янграганини фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос. Замонавий бастакор дирижёр билан бутун партитурани кўриб чиқиши, ўз асарини қандай ижро этиш борасида маслаҳат бериши мумкин (албатта, бу масалада дирижёр ижодий эркинликка эга), Венада эса Иоганн Штраус вальсларини Штрауснинг раҳбарлиги остида ижро этган мусиқачилар ҳали-ҳамон бор, лекин «Бах, Вивалди ва Люллининг асарларини қандай қилиб тўғри ижро этиш мумкин?» деган саволга аниқ жавоб йўқ. У давр ноталарида тушунтиришлар жуда кам, ноталарда кўрсатилмаган, лекин замона мусиқачиларига тушунарли бўлган кўплаб деталлар энди ҳеч қачон тикланмаса керак. Бу ҳолатда шунчаки ноталарга кўра ижро этиш мумкин эмас: барокко партитураси дешифровкаси муаммоси мураккаб мусиқашунослик детективига тенгдир. Яқинда қазо қилган дирижёр Николас Арнонкурнинг китобини ўқисангиз, бир нарсага амин бўласиз: тегишли даврнинг барча манбаларини ўрганиб чиқиш, шу асосда, ноталардан фойдаланган ҳолда, асар руҳини тиклаш лозим.
Битта асарнинг қандай янграши дирижёрнинг шахсига боғлиқми?
Айнан. Икки дирижёр битта симфонияни ўхшаш ҳам, бошқача ҳам ижро этиши мумкин. Мана бунинг яққол мисоли. Бахнинг битта асари Карл Рихтерва Николас Арнонкур дирижёрлиги остида.
Изоҳ (0)