Facebook асосчиси Марк Цукерберг 18 март куни эрталаб Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонидан югуриб ўтиши акс этган фотосуратни ижтимоий тармоққа жойлаштирди. Бу сурат жиддий баҳсларни келтириб чиқарди, деб хабар беради TJournal.
Цукерберг Пекинга қайтишдан хурсанд эканлигини, жорий йилда 160 километр югуришга улгурганини қайд қилиб ўтди.
Маълум бўлишича, миллиардер Тяньаньмэнь майдонидан Осмон ибодатхонасига қадар югурган. Бу йўналиш тахминан 3,5 километр масофани қоплайди.
Маҳаллий технологик нашрлар Цукерберг эрталабки машғулотлар учун қулай кун танламаганига эътибор қаратди. Жумладан, TechAsia сайтида ушбу кун учун Пекин ҳавосини «ўта ифлосланган» деб баҳолаган Air Quality дастуридан скриншотларни жойлаштирилди.
Орадан бир неча соат ўтиб, Air Quality ҳаво ифлосланишини текшириш кўрсаткичлари ўзгариб қолди: дастур кутилмаганда об-ҳавони югуриш ва машғулотлар учун қулай деб баҳолай бошлади.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Цукерберг, бутун Хитойда Facebook тақиқланганига қарамай, Пекиндан сурат жойлаштира олганидан ҳайратда қолди. Айримлар эса Facebook асосчисини 1989 йилда талабалар намойиши қаттиққўллик билан бостирилган майдондан қувноқ чеҳра билан югуриб ўтганини қоралади.
Изоҳ (0)