Россиянинг «Медприбори» заводи расмий вакили Вера Грезнёва «360 Подмосковье» телеканалига берган интервьюсида «Дезар-7» нурлантирувчи ускунаси харидларининг кескин ортиб кетгани ҳақида гапириб берди. TJournal нашрининг маълум қилишича, ускуна Суриядан Россия қўшинларини олиб чиқишга бағишланган йиғилишдан олинган фотосуратга тушиб қолгани боис машҳур бўлиб кетган.
Россия президенти Владимир Путиннинг ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашуви 14 март куни Кремлда бўлиб ўтди. Йиғилишдан олинган суратлардан бирида орқа фонда дазмол тахтасига ўхшаган буюм кўриниб қолган. Блогерларнинг тафтишларидан сўнг бу «Дезар-7» эканлиги аниқланди.
«Кечагина ‘Дезар-7’ учун тўрт-беш буюртма бор эди, бугун эса — 20 та. Кечаси видеони кўргандик, аммо эрталаб вазиятни тушунмадик. Ҳайрон қолдик», — тан олди Грезнёва.
Битта нурлантирувчининг нархи 13 100 рубль (535 минг сўм атрофида) туради. Ҳавони зарарсизлантиришга мўлжалланган ускуна ўткир респиратор касалликлари, сил, грипп, пневмония ва бошқа инфекцион хасталиклар профилактикаси учун қўлланади.
Изоҳ (0)