Эртага, 15 март куни «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси 3-тури доирасида Тошкентда Эроннинг «Тракторсози» клубига қарши баҳс олиб боради. Мазкур беллашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ва ярим ҳимоячи Ойбек Қиличев иштирок этди, деб хабар беради «Пахтакор» клуби матбуот хизмати.
Нўъмон Ҳасанов: «Эртага муҳим ўйин бўлиб ўтади. Биз учун гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган. Бу ўйинда биз ғалаба учун курашамиз. Футболчилар баҳсга тўлиқ тайёр. ‘Тракторсози’ни яхши ўргандик. Рақибнинг ўйинларини кўриб чиқдик. Эрон футболида асосан курашга эътибор қаратилган. Улар узун паслар орқали ўйнайди. Ҳозир Даврон Ҳошимовнинг ўрнига ким тушишини айта олмайман. Ишонч билан айтаманки, ўнг қанотда ўйнайдиган футболчини аниқлаб олдик».
Ойбек Қиличев: «Эрон чемпионатида ўйнаганман, клубларини жуда яхши биламан. Бу жамоага қарши ўйнаса бўлади. Олий Лигани бошлаб олдик ва ўйин амалиётини ошириб боряпмиз. Эронда биринчи ўриндаги жамоа охирги ўриндаги жамоага ютқазиб қўйиши мумкин. Бундан ташқари, футболчиларнинг кайфиятига ҳам кўп нарса боғлиқ».
Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» – «Тракторсози» ўртасидаги учрашув 15 март, сешанба куни, Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 17:00 да бошланади.
Маълумот ўрнида, Осиё Чемпионлар Лигаси 2-туридан сўнг «Тракторсози» 6 очко билан «C» гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» жамоаси 1 очко тўплаган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)