АҚШнинг Миссисипи штатида қамоқхонадан қочиб кетган рецидивист жиноятчи 10 март, пайшанба куни бир неча соат давомида уч кишидан иборат оилани гаровда ушлаб турди. Оқибатда у эр-хотин томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда Виксбург шаҳри полицияси маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Жиноятчининг шахси аниқланди. У 34 ёшли Рафаэль Арнес Маклауд бўлиб, қамоқхонадан қочганлиги учун бир ҳафтадан ортиқ вақтдан буён қидирувда бўлган.
Полициянинг маълумотларига қараганда, пичоқ билан қуролланган Маклауд уч киши — ота, она ва беш ёшли ўғилдан иборат оилани гаровга олган. Оила бошлиғи озод бўлишга эришган, бироқ жиноятчи билан олишувда елкасидан қаттиқ яраланган. Боланинг онасига улар қамаб қўйилган ҳаммомдан чиқишга рухсат берилганда, у тўппонча билан қайтган ва жиноятчига қарата ўқ узган.
Аёл ва бола жабрланмаган. Оила бошлиғининг жароҳатлари унинг ҳаёти учун хавф туғдирмайди.
Маклауд ўта хавфли жиноятчи ҳисобланиб, ўтган йилнинг июнь ойида 69 ёшли аёлни шафқатсизлик билан ўлдирганлиги учун қамоққа олинган эди.
Изоҳ (0)