Бугун, 10 март куни Ўзбекистон футбол федерациясининг мажлислар залида футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Тақдирлаш маросимида ЎФФ президенти Мираброр Усмонов, биринчи вице-президент Сардор Раҳматуллаев ва Ўзбекистон футзал уюшмаси президенти Фазлиддин Сирожиддинов иштирок этди.
Маросимни кириш сўзи билан очиб берган Сардор Раҳматуллаев футзал бўйича Осиё чемпионати ва уни ташкил этишда иштирок этган ишчи гуруҳининг барча аъзоларига ташаккур изҳор қилиб, бош мақсад – футзал бўйича Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганлиги билан Ўзбекистон терма жамоасини, Ўзбекистон футзал уюшмасини табриклади. ЎФФ Бош котиби Сардор Раҳматуллаев ва Ўзбекистон футзал уюшмаси президенти Фазлиддин Сирожиддинов терма жамоа аъзоларига гул ва пул мукофотларини топширди.
Шу билан бирга, футзал бўйича Осиё чемпионатининг муваффақиятли ўтказилишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган Ўзбекистон гимнастика федерациясининг вице-президенти Мустаев Руслан Булатович «Универсал» спорт мажмуаси номидан, Нурматов Қобил Маҳмудович эса «Ўзбекистон» спорт мажмуаси номидан қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Шундан кейин Сардор Раҳматуллаев Ўзбекистон футзал уюшмаси вице-президенти Жаҳонгир Усмоновга Ўзбекистон футбол федерациясининг бриллиант кўзли нишонини топширди. Ушбу нишон бунгача фақат 4 кишига – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, ФИФАнинг собиқ президенти – Зепп Блаттер, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов ва ФИФА рефериси Равшан Эрматовга топширилган бўлиб, Жаҳонгир Усмонов ушбу орденни қабул қилиб олган бешинчи шахс сифатида тарихга кирди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон мухлислари клуби раиси Абдураҳмон Фозиловга ҳам ЎФФ нишони топширилиб, футзал бўйича Осиё чемпионатидаги мухлисларнинг маданияти алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича Тошкентда ўтказилган 2016 йилги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медалларни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)