Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларининг ярмидан кўпроғи етиштирилишини аёллар таъминлайди, шунга қарамай, улар моддий бойликларнинг адолатсиз тақсимоти қурбонларига айланади, бунинг натижасида дунёда оч қолаётган одамларнинг 70 фоизини ҳам аёллар ташкил этади. Бу ҳақда БМТнинг овқатланиш ҳуқуқи масалалари бўйича махсус ҳисоботчиси Ҳилола Элвер маълумот берди, деб ёзмоқда «ТАСС».
«Глобал миқёсда озиқ-овқат маҳсулотларининг ярмидан кўпроғини ишлаб чиқаришига қарамай, аёллар бутун дунёда оч қолаётган инсонларнинг 70 фоизини ташкил қилади ва овқат етишмовчилигидан номутаносиб шаклда азият чекади», — деди Элвер хоним БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашида янги ҳисоботини тақдим қилиш чоғида.
Унинг таъкидлашича, кўпгина мамлакатларда аёллар паст ижтимоий мақомга эга бўлиб, озиқ-овқат ва моддий бойликларнинг камроқ қисмини олади.
Бу айниқса Африкада, Саҳрои Кабирнинг жанубида яққол кўзга ташланади: ушбу минтақада озиқ-овқат маҳсулотларининг 80 фоизини аёллар етиштиради. Осиёнинг турли қисмларида эса аёллар ишчи кучининг 50-90 фоизини ташкил қилади, хусусан, гуруч етиштиришда муҳим рол ўйнайди.
«Жамиятда жинсий белгилар бўйича сегрегация, дискриминациянинг диний ва ирқий мансубият, тоифа ва этник келиб чиқишга асосланган бошқа турлари билан уйғунликда аёлларнинг аҳволини янада ёмонлаштиради», — деди ҳисоботчи.
Ўзи тайёрлаган 25 саҳифалик ҳисоботда Элвер хоним қишлоқ хўжалигидаги «гендер номутаносиблик»ни бартараф этиш учун мамлакатлар ҳукуматларига жинслар ўртасидаги муносабатларнинг барча қирраларини инобатга олган ҳолда сиёсат олиб боришни тавсия қилди.
«Аёлларга ҳурмат, уларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этиш охир-оқибат озиқ-овқат тизимларидаги кенгроқ муаммоларнинг ҳал этилишига олиб келади ва, умуман олганда, жамоаларга ривожланиш соҳасида янада муваффақиятлироқ натижаларга эришишда ёрдам бериши мумкин», — хулоса қилди эксперт.
Ҳисобот тақдимоти 8 март куни нишонланадиган Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган эди. Шу муносабат билан халқаро ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартираси ва Женевадаги бўлинмасида бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Изоҳ (0)