Уйқунинг етарли бўлмаслиги саломатликка салбий таъсир этиши мумкин, ундан тўлиқ маҳрум бўлиш эса қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келади. Бу ҳақда National Geographic хабар бермоқда.
Бир кеча ухламаслик мия фаолиятида бузилишлар бошланиши учун етарли бўлади. Journal of Neuroscience нашрида эълон қилинган немис олимлари тадқиқотида таъкидланишича, 24 соат уйқусизликдан сўнг вақтни англамаслик, танани ҳис этишнинг ўзгариши, ёруғликка нисбатан юқори таъсирчанлик, гапнинг пойинтар-сойинтар бўлиши каби шизофрениянинг енгил аломатлари кузатилади.
Уйқудан узоқ вақт маҳрум бўлинганда мия ортидан танага ҳам шикаст етади. Бунинг кўп сонли салбий оқибатлари қаторида томоқдаги оғриқ ва тумов каби нисбатан енгил, шу билан бирга, овқат ҳазм қилишнинг бузилиши, қанд касали ривожланиши хавфи, кўриш қобилиятининг пасайиши, юқори қон босими, бирданига озиб ёки аксинча, семириб кетиш каби жиддий асоратларни келтириб ўтиш мумкин.
Кўпинча уйқудан маҳрум этиш махсус хизматлар томонидан қийноқ усули сифатида қўлланилади. Бироқ америкалик мутахассислар мазкур усул кутилган натижани бермаслиги, уйқудан маҳрум этилган инсон сўзлари ва ҳатти-ҳаракатларига жавоб беролмаслигини билдирмоқда.