Росс денгизида жойлашган автоматлаштирилган метеостанцияда ўтган йил март ойида Антарктида учун рекорд даражадаги юқори ҳарорат — +17,8 қайд этилди. Одатда бу ҳудудда март ойида ўртача ҳарорат -17 даража бўларди. Бу ҳақда National Geographic хабар бермоқда.
Антарктидадаги фавқулодда иссиқ ҳақида Чехиядаги Масариков университети олимлари маълум қилди. Улар йилда бир бор метеостанция кўрсаткичларини олиш учун Росс оролига жўнайди. Бу галги сафар чоғида ўтган йил 24 мартида деярли буткул қор ва муз билан қопланган оролда +17 даража бўлгани аниқланди. Ушбу ҳудудда энг совуқ ой август (ўртача -27,4 даража), иссиқ ойлар эса декабрь ва январь (-3 даража) бўлар, март учун эса -17 даража меъёр ҳисобланади.
Чех олимлари олган кўрсаткичларни хатога йўйиш мумкин эди, бироқ метеорологлар барча қурилмалар бенуқсон ишлаганини таъкидламоқда. Алоҳида олинган бир кунда юқори ҳарорат тоғлардан тушувчи ва шу аснода қизувчи ҳаво (фён) натижаси, шунингдек, сайёрада иқлимнинг умумий ўзгариши, жумладан, Антарктидада глобал исиш таъсири бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.