АҚШ Мудофаа вазирлиги қошида Инновациялар бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Эштон Картер киберхавфсизлик масалалари бўйича Сан-Францискода бўлиб ўтган конференцияда маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Унинг сўзларига қараганда, АҚШ ҳарбий бошқармасининг янги органини Американинг Alphabet холдинг компанияси раҳбари Эрик Шмидт бошқаради. Кенгашнинг жами аъзолари сони 12 кишидан ошмайди.Пентагон матбуот котиби Питер Кукнинг маълум қилишича, сўз йирик хусусий ва давлат корхоналарини муваффақиятли бошқараётган ва янги технологик ғояларни татбиқ этаётган кишилар ҳақида бормоқда. Шу билан бирга у кенгаш ҳарбий операциялар ва стратегияларни муҳокама қилишда иштирок этмаслигини таъкидлаб ўтди.
Кенгаш Пентагонга бирор техника прототипини зудлик билан яратиш, интерактив маҳсулотлар ишлаб чиқариш, бизнес режаларни ишлаб чиқишда мураккаб маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда мобил ва «булутли» дастурлардан фойдаланишда ёрдам беради.