Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида 19—21 февраль кунлари опа-сингил хонандалар — Мавлуда ва Гули Асалхўжаеваларнинг концерт дастури бўлиб ўтди. Концерт арафасида опа-сингил ўртасида келишмовчилик юз берди. Тарқалган турли гап-сўзларга кўра, хонандалар биргаликдаги концерт дастурида нечтадан қўшиқ айтиш борасида келиша олишмаган.
Бу гаплар қанчалик асосли эканлигини аниқлаш мақсадида журналист Феруз Муҳаммад хонанда Гули Асалхўжаева билан суҳбатлашди. Маълумот учун, концертда икки санъаткор жами 31 қўшиқ куйлади.
— Саккиз йил давомида концерт бермаганимиз сабабли, опамда ҳам, менда ҳам анча қўшиқлар йиғилиб қолган экан, — деди Гули Асалхўжаева. — Назаримизда, бир қўшиқни айтсак, бири қолиб кетаётгандек туюлаверди. Шу сабаб ўртамизда тўғри маънодаги ижодий баҳслар бўлиб турди, кейинги йилдан алоҳида-алоҳида концерт бермасак бўлмайди, деган ҳазиллар ҳам қилиб турдик. Аммо буни асло жанжал деб ўйлаш керак эмас.
— «Истиқлол» санъат саройида концерт бериш учун яхшигина маблағ сарфланади. Концертнинг моддий томони опа-сингил ўртасида қандай тақсимланди?— Агар бирга концерт қўядиган бўлсак, опам мени харажат қилишга қўймайди. Бирор марта «мана бу жойга шунча пул берасан», деб айтмаган. Тўғри, мен ҳам қараб турмайман, қўлимдан келган ҳаракатни қиламан. Бироқ бизда ҳаттоки 75/25 деган гап ҳам йўқ, ҳаммасига опам бош-қош бўлади. Бунақа опалар юзтадан битта бўлса керак. Шундай бағрикенг, мард опам борлигидан фахрланаман.
Изоҳ (0)