Хонанда Озода Саидзоданинг янги имиджи шоу-бизнес вакиллари, мухлислар ва журналистлар учун кутилмаган янгилик бўлди. Унинг тахаллуси ва имиджи ўзгариши сабабларини билиш мақсадида журналист Феруз Муҳаммад хонанда билан боғланди.
— Нима учун Нурсаидова фамилянгизни Саидзода тахаллусига ўзгартирдингиз?— Болалигимдан бобомнинг номини ўзимга олишни ният қилиб юрардим, шу сабабли ҳам фамилямни бобомнинг исми — Саидзода тахаллусига ўзгартирдим. Яна бир мақсад — миллийлик руҳини олиб кириш учун ҳам шундай қилинди.
— Имиджингизни ўзгартирганингиз ҳам ижтимоий тармоқларда анча муҳокама бўлди. Баъзи бир мухлисларни «бизга аввалги Озодани қайтариб беринг», деган фикрларини ҳам ўқидик. Имиджингизни бу даражада ўзгартиришингизга нима сабаб бўлди?— Тўғрисини айтадиган бўлсам, имиджимнинг ўзгариши сабаби саломатлигим билан боғлиқ. Бу одамлар айтиб юрган даражада, «Озода оғир касал экан», деган миш-мишлар даражасидаги касалликдан эмас. Жарроҳликдан сўнг соч тўкилиш ҳолатлари бўлиб турар экан. Сочим рангининг ўзгариши айнан имидж учун қилинмаган. Ҳолатдан келиб чиқиб, вазиятга тўғри ёндашиб шундай имидж ўйладик. Бу одамларни ўзимга қаратиш ёки шунга ўхшаш фикрлардан келиб чиқиб қилинган иш эмас. Санъаткор мухлисларнинг эътибори марказида юради. Шу сабабдан, ўта замонавийлик ҳам ёки замондан орқада қолиш ҳам ярашмайди. Миллийлигимиз, ўзбекчилигимиздан келиб чиққан ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқдир.
— Ижодингизда нима янгиликлар бор?— Ўтган йил «Эътироф эт» деб номланган, ҳали тугатилмаган альбомимнинг қоралама варианти тарқаб кетди. Саломатлигим билан боғлиқ муаммолар сабабли бу альбомни тугатиш бир йилга кечикди — ўша пайтда шифокорлар менга бир йил давомида қўшиқ айтишни тақиқлаб қўйганди. Ҳозир «Эътироф эт» деб номланган альбомимни ёзиб тугатиш арафасидамиз.
— Шифокорлар тақиқининг сабаби нима?— Мендаги касаллик профессионал операчиларда учрайди. Яъни, жонли қўшиқ куйлаганда ортиқча зўриқиш, бор имкониятни ишга солиш керак бўлади, буни ўша вақтда соғлигим кўтармас эди. Шу сабабдан шифокорлар қўшиқ айтишимни тақиқлаб қўйишган эди. Ҳозир ҳаммаси яхши.
Изоҳ (0)