Facebook компанияси ФҚБга Сан-Бернардинодаги қуролли ҳужумда иштирок этган террорчилардан бирининг iPhone смартфони ҳимоясини бузишга ёрдам беришни рад қилган Apple корпорациясини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
«Биз юқори технологияли компанияларга нисбатан улар тизимининг ҳимоясини кучсизлантириш ҳақида билдирилаётган талабларга қарши курашишни давом эттирамиз. Бу каби талаблар компанияларга ўз маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлашдаги ҳаракатларига халақит беради», — деб таъкидланди ижтимоий тармоқда.
Микроблоглар сервисига эга бўлган Twitter компанияси ҳам Apple’нинг қарорини қўллаб-қувватлади. Унинг раҳбари Жек Дорси Twitter’даги саҳифасида «Биз Apple’ни қўллаб-қувватлаймиз ва Тим Кукка етакчилиги учун миннатдорлик билдирамиз», деб қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Google ва WhatsApp компаниялари ҳам Apple’ни қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)