Россиянинг Псков вилоятида ўтказилаётган ҳарбий десант кучларининг ҳарбий машғулотлари чоғида икки десантчи 400 метр баландликда бир-бирини тутиб олиб, битта захира парашютидан фойдаланган ҳолда ерга қўнишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига асосланиб, «ТАСС» агентлиги хабар берди.
Воқеа 17 февраль куни Ил-76 русумли самолётдан десант ташлаш машқлари амалга оширилаётган чоғда содир бўлди.
Маълум қилинишича, асосий парашютлар очилиши билан икки десантчининг парашютлари турли сабабларга кўра носозлиги аниқланган. Ҳарбийлар ҳавода мардонавор ҳаракат қилиб, бир-бирига ёрдам қўлини узатган ва захира парашюти ёрдамида эсон-омон ерга келиб тушган.
Бундай хатти-ҳаракатлари туфайли ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлигининг «Армия генерали В. Ф. Маргелов» медаллари билан тақдирланган.
Псковдаги ҳарбий ўқув машғулотлари 15 февраль куни бошланган эди. Улар 20 февралга қадар давом этиши кутилмоқда.