Яманда 2015 йил март ойидан буён давом этаётган қуролли можаролар туфайли 6 мингдан зиёд киши, шу жумладан, 3 минг нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг гуманитар ишлар бўйича ўринбосари Стивен О’Брайен берган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
О’Брайеннинг таъкидлашича, Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳукумат кучлари ва шиа исёнчилари (хусийлар) ўртасида 11 ойдан буён давом этаётган тўқнашувлар оқибатида 6 мингдан зиёд киши қурбон бўлган, 29 мингга яқин одам яраланган.
«БМТ қурбон бўлганлардан камида 2 997 киши ва яраланганлардан 5 659 киши тинч аҳоли вакили бўлганлигини тасдиқлади», ― деди ўринбосар.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойининг бошида Яман ҳукумати ва президент Абд Раббо Мансур Ҳодий тарафдори бўлган кучлар мамлакат шимолида, ал-Жауф вилоятидаги стратегик ҳарбий база устидан назоратни тиклаган эди.
Изоҳ (0)