Мексика Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича федерал прокуратураси (Profepa) автомобиль ишлаб чиқарувчи Volkswagen концернининг маҳаллий бўлинмасига нисбатан 168 миллион песо (9 миллион долларга яқин) миқдорида жарима қўллади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар қилмоқда.
15 февраль, душанба куни тақдим этилган баёнотда таъкидланишича, компаниянинг автомобиллар савдосида йўлга қўйган қоидабузарликлари жарима қўллашга асос бўлган.
«2016 йилги моделлардан 45,49 мингта машинани экологик талабларга мувофиқлик сертификатисиз сотганлиги учун Profepa Volkswagen Mexico корхонасини жаримага тортди», ― дея маълум қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Volkswagen концерни АҚШда 680 мингга яқин автомобилни хавфсизлик ёстиқларидаги нуқсон туфайли қайтариб олиши маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)