Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва катталар терма жамоаси аъзолари шу кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилаётган Turkish Open-2016 халқаро турнирида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
14—16 февраль кунлари бўлиб ўтадиган мазкур халқаро турнирнинг катталар ўртасидаги мусобақасида 14 нафар ўзбекистонлик спортчи: Жасур Бойқўзиев, Никита ва Максим Рафалович, Темурбек Ўролов, Аброр Нуритдинов, Валентин Хегай, Дилфуза Холбўтаева, Динорахон Маматибрагимова, Гўзал Норбобоева, Зария Қосимова, Нигина Ражабова, Нигора Турсунқулова, Назокат Нажмиддинова, Шаҳбоз Шофайзиев ғолиблик учун кураш олиб борса, ўсмирлар терма жамоаси таркибидан Светлана Осипова, Влада Пан, Сардор Тоиров, Нафиса Қамчибекова, Нафосат Раҳимжонова, Мадина Маннопова, Чарос Қаюмова, Муштарийбегим Мавлоновалар ўрин эгаллаган.
Кеча, 14 февраль куни катталар ўртасида бўлиб ўтган биринчи кунги баҳсларда уч нафар ўзбекистонлик спортчи совриндорлар сафидан ўрин эгаллади. Жумладан, Никита Рафалович барча рақиблари устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Жасур Бойқўзиев ва Максим Рафалович финалга қадар кечган жангларни мағлубиятсиз ўтказиб, кумуш медаль совриндори бўлди.
Изоҳ (0)