Ҳиндистонда Зика вирусига қарши биринчи эмлаш воситаси кашф қилинди. Бу ҳақда «Бхарат Биотех» ишлаб чиқарувчи компания бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Кришна Элла берган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
«Ҳайдарободдаги иккита лабораториямизда вакцинанинг икки хил тури ишлаб чиқилган. Биз патент олиш учун тўққиз ой олдин мурожаат қилганмиз. Шунинг учун бутун жаҳон оғир касалликнинг тарқалиб кетишига қарши курашаётган бир вақтда, расмийлаштириш ишлари қисқа муддат ичида ҳал этилишига умид қиламиз», ― деди Элла.
Шифокорнинг маълум қилишича, вакциналарни текширув жараёнидан тезлаштириб ўтказиш мақсадида компания ҳукумат ва Ҳиндистон Тиббий тадқиқотлар кенгашига (ICMR) мурожаат қилган.
«Ҳайдарободдаги мутахассисларимиз томонидан кашф этилган вакцина, ҳақиқий олимларга хос узоқни олдиндан кўра билиш қобилиятининг ёрқин намунасидир. Биз талабномани қисқа вақт ичида кўриб чиқиб, дунёга керак бўлган вакцинани саноатда ишлаб чиқаришга рухсат берамиз», ― деди ICMR бош директори.
Таъкидланишича, «Бхарат Биотех» компанияси тўрт ой давомида бир миллионта вакцина дозасини ишлаб чиқаришга қодир.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Зика вируси туфайли халқаро фавқулодда вазият эълон қилган эди.
Изоҳ (0)