Хонанда Райҳон янги концерт дастурида томошабин учун янгилик бўладиган ўзига хосликни топиш осон бўлмаганини маълум қилди. Хонанда бу ҳақда «Shov-shuv.uz» сайтига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Янги шоу томошабин учун янгилик бўлиши керак. Янгиликни топдик ҳам — эски оммабоп қўшиқларимга янги нафас бердик. Мусиқий янгиланиш! Вокал бўйича кўп шуғулландим. Чунки бу йилги дастуримда кўп қўшиқларимни жонли куйлайман», — деди хонанда.
Райҳон янги концерт дастурида асосан Ўзбекистон халқи ҳақида куйлашни мақсад қилган.
«Аждодларимиз билан фахрланамиз. Ўсиб келаётган янги авлодлар ҳам бугунги инсонлар билан фахрланишини истайман. Миллат айирмайман. Мен учун икки тоифа одамлар бор, холос. Яхши ё ёмон. Умуман, дунёдаги турли миллат эгаларига боқиб, бир хулоса қилиш мумкин: ўзбеклар барибир бошқача! Концертимдаги бош тематика – миллатимизга хосликдир!», — деди хонанда.
Эслатиб ўтамиз, хонанда Райҳоннинг 2016 йилги концерт дастури 23—27 февраль кунлари «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)