Режиссёр Рустам Саъдиев «Барон» фильмини дискларда тарқатиб юборган «видеоқароқчилар»нинг қилмиши жавобсиз қолмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда у «Қалампир»га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Аввалроқ, фильмнинг сифатли нусхаси «видеоқароқчилар» томонидан дискларда тарқатиб юборилгани ҳақида хабар берилган эди. Рустам Саъдиевнинг айтишича, «видеоқароқчилар»нинг қўлидаги материал билан кинотеатрларда намойиш этилаётган фильм ўртасида фарқ бор.
«Бу ишлар шунчаки жавобсиз қолмаслиги тайин. Фильмнинг давомини суратга олишим ва ўзбек киносининг янада ривожланиши, шубҳасиз, кинотеатрларга келаётган томошабинларга боғлиқ. Ўзини ҳурмат қилган, юзлаб кишиларнинг меҳнатини қадрлайдиган асл томошабинлар фильмни кинотеатрларга келиб томоша қилади», — дея қўшимча қилди Рустам Саъдиев.
Қайд этиш жоиз, Саъдиевнинг аввалги — «Сотқин» фильми дисклари ҳам премьерадан кўп ўтмай «видеоқароқчилар» томонидан тарқатиб юборилганди.
«Барон» фильми премьераси 16 январь куни Алишер Навоий номли киносаройида бўлиб ўтганди. 21—24 январь кунлари давомида киносаройнинг барча 12 залида «Барон» намойиш этилган, хусусан, 24 январдаги намойишлар учун 7,5 мингта чипта сотилган, 2 минг киши чипта ололмай қолган.
Изоҳ (0)