30 йил аввал — 1986 йилнинг 28 январь куни коинотни забт этиш тарихидаги энг йирик ҳалокатлардан бири юз берганди: Канаверал бурнидаги космодромдан ҳаво кўтарилганидан 73 сония ўтиб, бортида етти нафар астронавт бўлган АҚШнинг Challenger шаттли портлаб кетганди.
«Газета.ru» шаттл парвозининг сўнгги сониялари ва портлашнинг даҳшатга солувчи оқибатлари акс этган суратлар жамланмасини тайёрлади.
Challenger’нинг 10-парвози давомида шаттл экипажи алоқа йўлдошини коинотга олиб чиқиши ва Галлей кометасини кузатиши керак эди.
Парвознинг 74-сониясида, шаттл ер сатҳидан 15 километр баландликка чиқиб улгурганидан сўнг, портлаш юз берди.
Фазовий кема ҳавода парчаланиб кетди, кемадан ажралиб чиққан, ичида экипаж аъзолари бўлган ва парашютлар билан жиҳозланмаган кабина эса қулаб, чилпарчин бўлди.
Шаттлнинг парвози телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилаётганди ва миллионлаб америкаликлар мазкур фожиа гувоҳига айланди.
Комиссиянинг аниқлашича, фожиага қаттиқ ёқилғили тезлаткичнинг ҳалқасимон зичлагичидаги носозлик сабаб бўлган — айнан у сабаб газ сизиб чиқа бошлаган.
Қидирув-қутқарув операцияси натижасида Атлантика тубидан астронавтларнинг жасадлари ва шаттл бўлаклари олиб чиқилди. Операция етти ой давом этди, бунга 100 миллион долларга яқин маблағ сарфланди.
Шаттлнинг портлаб кетиши натижасида кема командири, ҳарбий ҳаво кучлари подполковниги Фрэнсис Скоби, учувчи Майкл Смит, Эллисон Онизука, Рональд Макнейр, Жудит Резник, муҳандис Грегори Жарвис, ўқитувчи Криста Маколифф ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)