Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Санжар Турсунов Қатарнинг «Умм-Салал» футбол клуби аъзосига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
29 ёшли футболчи фаолиятини бунга қадар Украинанинг «Ворскла» жамоасида олиб бораётган эди. 2014 йилдан буён полтаваликлар таркибида тўп суриб келган ярим ҳимоячи эндиликда фаолиятини Қатар Юлдузлар Лигасида давом эттиради.
«Санжар Турсунов шу ой аввалида жамоани тарк этган эронлик футболчи Андраник Темуряннинг ўрнини тўлдириш учун харид қилинди», — деб ёзади Қатар Юлдузлар Лигаси расмий сайти ушбу трансфер ҳақида.
Таъкидланишича, футболчи 26 январь, сешанба куни клуб билан 18 ойга мўлжалланган шартномага имзо чекди. Шунингдек, Турсунов ўзининг янги жамоаси билан сешанба кунги машғулотларда қатнашган. Унинг «Умм-Салал» таркибидаги дебюти 28 январь куни чемпионат пешқадами «Ар-Раян»га қарши ўйинда бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)