Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида шахмат бўйича анъанавий халқаро турнир давом этмоқда. Ўз тарихида саккизинчи бор ташкил этилган Chennai Open мусобақасининг 4-тур учрашувида ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Марат Жумаев ғалабага эришди, деб хабар беради «Оламспорт».
Оқ доналарда ҳаракат қилган ўзбекистонлик шахматчи мезбонлар вакили Шет Жайкумар Саммедни мағлубиятга учратди. Тўртта учрашувда 3 ғалаба ва бир дуранг қайд этган Марат Жумаев 3,5 очко билан турнир жадвалида 8-ўринга кўтарилиб олди. Учинчи поғонадаги украиналик гроссмейстер Виталий Сивук ҳисобида ҳам 3,5 очко бор.
Мусобақа жадвалида украиналик гроссмейстерлар – Виталий Бернардский ва Юрий Солодовниченко юз фоизлик кўрсаткич – 4 очко билан пешқадамлик қиляпти. Бугун, 21 январь куни Жумаев 5-тур учрашувида мусобақанинг биринчи тартиб рақамли шахматчиси россиялик Борис Грачев билан баҳс юритади.
Эслатиб ўтамиз, 3-тур учрашувида қора доналарда ҳаракат қилган Жумаев ҳиндистонлик Аржун Эригайси билан дуранг ўйнаганди.
Турнирда 11 давлатдан жами 213 шахматчи бош мукофот учун дона суряпти. Улардан 22 нафари халқаро гроссмейстерлар, 25 нафари эса халқаро усталардир.
Изоҳ (0)