«Тоза қўллар» бирлашмаси Каталония ҳукумати раиси Карлес Пучдемон ва мухторият парламенти раҳбари Карме Форкадель устидан Испания прокуратурасига шикоят билан чиқди, деб хабар қилади «ТАСС».
Бирлашманинг фикрича, Пучдемон парламент олдида қасамёд қабул қилаётганида, Каталония расмийлари ўз мажбуриятларини бузган. Жорий йилнинг 12 январь куни вилоятнинг янги етакчиси қирол Филипп VI га ҳам, Испания конституциясига ҳам содиқликка қасам ичмаган. Инаугурация маросимида Форкадель Пучдемондан «Сиз Каталония ҳукумати раиси мажбуриятларини виждонан бажаришга ва парламент ифода этувчи Каталония халқи истакларига содиқ бўлишга қасамёд қиласизми?», деб сўраган. Вилоят раҳбари эса «Қасамёд қиламан», деб жавоб берган.
Парламент олдида чиқиш қилар экан, Каталониянинг мустақиллиги тарафдори бўлган 53 ёшли сиёсатчи ҳудудга ҳамма ишонадиган ва берган ваъдаси устидан чиқадиган парламент кераклигини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Пучдемон олдинроқ Каталония ҳукумати вилоятнинг Испания таркибидан чиқишини бир томонлама тартибда эълон қилмаслигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)